Жунни тозалаш технологияси

Жунни қайта ишлаш ускуналари таркиби жунни қанчалик даражада ишлов беришга асосланиб танлаб олинади. Агар жун калава олиш учун тайёрланса бошқа технологик ускуналар, агар фақат тозаланиб сотиш учун мўлжаланса бошқа технологик ускуналар танлаб олинади. 

Қайта ишлаш усулини танлашда қабул қилинаётган жун миқдори, у йиғиладиган ҳудуд, тозаланган жунни сотиш ва бошқа бир қанча масалалар ҳисобга олиниши керак. 

Нисбатан энг арзон ишлаб-чиқариш  -   жунни тозалаш, яъни ювилган жун ишлаб чиқаришдир.  

Корхонага қабул қилинаётган  маҳсулот жун  хом-ашёси учун тасдиқланган стандартлар асосида қабул қилиб олинади ва сортларга ажратилади.

Биринчи жараёнда жун таъминлагич ёрдамида титиш ускунасига йўналтирилади. Титилган жун ювиш ускунасида ювилиб, жунни сиқиш ускунасида ундан сув ажратиб олинади.

Нам жун қуритиш ускунасига йўналтирилади ва қуритилади. Қуритилган жун қўл ёрдамида сараланади ва ундан тиконли, ифлослиги юқори жунлар ажратиб олинади.

Тиконли ифлос жунлар тикон ажратиш ускунасида қайта ишланиб тозаланади.

Сараланган тоза жунлар алоҳида ва тикони ажратилган жунлар алоҳида тойланиб сотишга чиқарилади.